Абсорбция жараёни фазаларни ажратувчи юзада рўй беради. Шу сабабдан абсорберларда иложи борича газ ва суюқлик ўртасидаги контакт (тўқнашув) юзасини кўпайтириш зарур. Фазаларнинг тўқнашув юзасини ҳосил қилиш усулига кўра, абсорберлар шартли равишда қуйидаги турларга бўлинади: 1) пленкали; 2) насадкали; 3) тарелкали; 4) суюқликни сочиб берувчи.
Нефть ва газни қайта ишлаш корхоналарида тарелкали ва насадкали абсорберлар энг кўп тарқалган. 1-расмда тарелкали ва насадкали абсорберларнинг схематик кўринишлари тасвирланган. Тарелкали абсорбер (1 а-расм) вертикал жойлашган ускунадан иборат бўлиб, қобиқ 1 нинг юқориги қисмида абсорбентнинг газ оқими билан чиқиб кетмаслиги учун томчи ажратгич 2 ўрнатилган. Тарелкалар 3 нинг устида газ оқими билан абсорбентнинг тўқнашуви юз беради. Абсорберни таъмирлаш ва унинг ички қисмларини монтаж қилиш учун 4-5 та тарелкаларнинг оралиғига қопқоқли туйнуклар 4 жойлаштирилган. Қобиқнинг пастки қисми таянч гардиши 5 га пайванд қилинган.
расм. Абсорберлар:
а-тарелкали: 1-қобиқ; 2-томчи ажратгич; 3-тарелка; 4-қопқоқли туйнук; 5-таянч гардиши; б-насадкали: 1-қобиқ; 2-тақсимловчи тарелка; 3- насадка; 4-таянч панжараси; 5-қопқоқли юклаш туйнуклари; 6-таянч; 7- қопқоқли тушириш туйнуклари. Оқимлар: I-тўйинмаган абсорбент; II- қуруқ газ; III-ҳўл газ; IV-тўйинган абсорбент.
Насадкали абсорбер (1 б-расм) нинг юқориги қисмида регенерация қилинган абсорбент учун тақсимловчи тарелка 2 ўрнатилган. Насадкали қатлам таянч панжараси 4 нинг устига жойлаштирилган. Абсорберни насадка билан юклаш ва уни тушириш туйнуклар 5 ва 7 орқали амалга оширилади.
Нефтга йўлдош бўлган газларни ажратишда абсорберлардаги босим 1,6-2,0 МПа, табиий газнинг компонентларини ажратишда эса 4,0-7,5 МПа ни ташкил этади. Абсорбердаги ҳарорат ишлатиладиган совитувчи агентнинг ҳароратига боғлиқ бўлади, масалан, пропанни ажратиб олишда минус 400С, этанни ажратиб олишда эса минус 80-1000С атрофида бўлади.
Саноатда ишлатиладиган абсорберларнинг диаметри иш унумдорлигига боғлиқ бўлиб, 3 метргача бўлиши мумкин. Ускунадаги тарелкаларнинг сони 30-40 тани ташкил этади. Газни қазиб олиш конларида хом ашёни тозалаш ва қуритиш учун ишлатиладиган битта абсорбернинг иш унумдорлиги бир кечаю-кундузда 10-35 млн.м3 ни ташкил этади.
Dostları ilə paylaş: |