Коммуникация-тирик ва ўлик табиатдаги тизимлар ўртасида ахборот алмашинувини англатади. Ҳайвонлар ўртасидаги сигналлар алмашинуви, инсоннинг техник воситалар билан алоқа қилиши, буларнинг барчаси коммуникацияга мисол бўлади. Мулоқот фақат инсонлар ўртасида амалга оширилиши мумкин. Мулоқотнинг инсон ҳаётидаги аҳамияти беқиёсдир. Инсон боласи айнан бошқалар билан мулоқотда, муносабатда бўлиш жараёнида шахсга айланиб боради. Мулоқот орқали инсон ижтимоий тажриба ва маданиятни эгаллаб боради. Янги туғилган инсон бошқалар билан мулоқотда бўлиш имкониятидан маҳрум бўлса, у ҳеч қачон шахсга айлана олмайди, яъни у ўз психик тараққиёти бўйича орқада қолиб кетади. Зеро, инсон психик тараққиёти мулоқотдан бошланади.